АҚШ экспертлари Ўзбекистон товар брокерларини жаҳон даражасига олиб чиқмоқда
25 июнь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX)да АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда фьючерс савдосини ривожлантириш ва товар бозорларида нарх хавфларини бошқаришнинг замонавий механизмларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда брокерлар, трейдерлар, бизнес вакиллари ва биржа бозорининг бошқа иштирокчилари қатнашдилар. Семинарнинг асосий мақсади иштирокчиларни муддатли бозорларни ташкил этиш ва хеджирлаш инструментларидан фойдаланиш бўйича илғор халқаро тажриба билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинарни CLDPнинг фьючерс бозорлари бўйича халқаро эксперти, АҚШ Товар фьючерслари савдоси комиссияси (CFTC) собиқ директори ўринбосари Кевин Пикколи олиб борди.
Эксперт муддатли бозорларни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича илғор халқаро тажриба, риск-менежментнинг замонавий ёндашувлари ҳамда фьючерс савдосининг барқарорлиги ва самарадорлигини таъминловчи инфратузилма механизмлари ҳақида маълумот берди.
Тадбирда таъкидланганидек, фьючерс шартномалари замонавий бозор иқтисодиётининг муҳим инструментларидан бири бўлиб, улар товар ишлаб чиқарувчилар, экспортчилар ва истеъмолчиларга нархлар ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хавфларни камайтириш, молиявий режалаштириш самарадорлигини ошириш ҳамда бизнеснинг барқарор ривожланишини таъминлаш имконини беради.
Тренингнинг амалий қисми нарх таваккалчиликларини хеджирлаш механизмлари, фьючерс шартномаларини тузиш ва ижро этиш тартиби, бошланғич ҳамда вариацион таъминотга қўйиладиган талаблар ҳамда позицияларни очиш, қўллаб-қувватлаш ва ёпиш тартиб-таомилларини қамраб олди.
Семинар доирасида тартибга солиш ва комплаенснинг халқаро стандартларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, мижозларни идентификация қилиш (KYC) тартиб-таомиллари, мижозлар активларини ажратиб сақлаш, бозор иштирокчиларининг молиявий барқарорлигига қўйиладиган талаблар, ҳисоб юритиш ва ҳисобот бериш, шунингдек савдо операциялари устидан назоратни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, UZEX ва Phillip Capital ҳамкорлигида ташкил этилган “UZEX Global” қўшма корхонаси орқали маҳаллий тадбиркорларга халқаро товар деривативлар бозорларига чиқиш имкониятларини яратиш ҳамда товар бозори иштирокчилари учун самарали хеджирлаш тизимини шакллантириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.
Экспертлар таъкидлаганидек, жаҳон товар бозорларида нархлар юқори даражада ўзгарувчан бўлган шароитда хеджирлаш воситалари компаниялар молиявий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.
Замонавий хеджирлаш инфратузилмасини яратиш маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларга ўз фаолияти самарадорлигини ошириш, бозордаги нарх тебранишларининг таъсирини камайтириш ҳамда халқаро бозорларда рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш имконини беради.
Муҳокамалар доирасида Ўзбекистонда деривативлар бозорини ривожлантириш, биржа инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва замонавий биржа воситаларидан фойдаланиш бўйича бизнес учун имкониятларни кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўтказилган семинар UZEXнинг Ўзбекистонда деривативлар бозорини шакллантириш, фьючерс савдосини ривожлантириш ва нарх хатарларини бошқаришнинг самарали тизимини яратишга қаратилган стратегиясини амалга оширишдаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- АҚШ экспертлари Ўзбекистон товар брокерларини жаҳон даражасига олиб чиқмоқда
- UZEXда CLDP (АҚШ) дастури билан ҳамкорликда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- Тошкентда фьючерс савдоси бўйича семинар бошланди
- UZEX ҳафталик дайжести (15–21 июнь)
- UZEX ва Phillip Securities ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
- UZEX ва NASDAQ: технологик ҳамкорликнинг янги босқичи