Чикаго товар биржаси (CME Group) вакили UZEXга ташриф буюрди
2025 йил 8 сентябрь куни Чикаго товар биржаси (CME Group)нинг Осиё-тинч океани минтақаси бўйича Бошқарувчи директори Рассел Бити Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX)га ташриф буюриб, маҳаллий биржа раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Мазкур ташриф биржалараро ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий биржа савдо механизмларини ривожлантириш бўйича тажриба алмашишда муҳим қадам бўлди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Бошқарув раиси Асадулла Қаюмов хорижий меҳмонга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдириб, дунёнинг энг йирик товар биржаси билан ҳамкорликни йўлга қўйилиши стратегик аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.



Музокаралар давомида жаҳон биржалари индустрияси ривожланишининг сўнгги тенденциялари ва истиқболлари ҳамда икки биржа ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга доир масалалар кенг муҳокама қилинди.
Рассел Бити Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, шу жумладан биржа савдолари соҳасида эришилган ютуқларга юқори баҳо бериб, Ўзбекистон мутахассислари ва савдо иштирокчилари учун ўқув дастурларини ташкил этишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Ташриф якунлари бўйича томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш ҳамда Ўзбекистонда биржа савдоларини такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди