Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган регби бўйича турнир бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 декабрдаги ПҚ-421-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида жамоавий спорт турларига ёшларни кенг жалб қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш (селекция) ҳамда юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2025 йил 27 - 28 февраль кунлари Ўзбекистон регби федерацияси “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ билан ҳамкорликда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган 15 ёшгача бўлган қизлар ўртасида регби-7 бўйича анъанавий республика мусобақаси (U-15) ни ташкил этди.

Мусобақада Тошкент, Тошкент вилояти, Бухоро, Сирдарё, Наманган, Фарғона, Андижон, Сурхондарё, Хоразм, Амударё, Қорақалпоғистон, Навоий вилоятларидан ёш регбичилардан иборат жамоалар иштирок этишди. Бу эса ўз навбатида регби мамлакатимизда қайтмас суръатлар билан ривожланаётганлиги ва унга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганининг яна бир исботидир.
Турнир World Rugby қоидаларига мувофиқ ўтказилди. Унинг асосий мақсади Ўзбекистонда аёллар регбисини ривожлантириш, ёшлар орасида бу спорт турини оммалаштириш, шунингдек, спортчи қизларнинг маҳорати ва малакасини оширишдан иборат.

Байрам мусобақаси кўтаринки руҳда ва дўстона рақобатда ўтказилди. Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган кўплаб ишқибоз ва мухлислар ўзларининг севимли жамоасини қўллаб-қувватлаш учун меҳмон сифатида қатнашдилар.
Қизғин баҳсларга бой бўлган беллашувларда ҳар бир жамоа вакиллари ўзаро куч синашда кучли жисмоний, ақлий қобилиятлари ва иродавий ҳислатларини намойиш этишга муваффақ бўлдилар.
Ушбу тадбир тажриба алмашиш, иқтидорли ўйинчиларни аниқлаш ва республикада регбининг нуфузини янада мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Ғолиб ва совриндорлар тадбир ташкилотчилари томонидан тегишли тарзда диплом, кубок ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди