Биржада матбуот анжумани ва медиа-тренинг ўтказилди
2025 йил 7 февралда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ўзбекистонда биржа фаолиятининг ривожланиш натижалари ва истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2024 йил якунлари ва 2025 йил учун истиқболли режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиб беришдан иборат бўлди.
Таъкидлаб ўтилганидек, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда товар бозорларида шаффофликни таъминлаш ва илғор рақамли технологияларга асосланган бозор механизмларини жорий қилишда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.
Ўтган йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида Самарқандда илк бор “Бозор инфратузилмаси ва воситачиларнинг иқтисодиётдаги ўрни” мавзусидаги нуфузли ConFEAS 2024 халқаро биржа анжумани бўлиб ўтди.
2024 йил якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 11,8% га ўсди, шу жумладан биржа савдолари – 14,8%га, электрон давлат харидлари – 5,3%га, авторақамлар онлайн аукционлари икки маротабага ва мобиль рақамларнинг сотув ҳажмлари 43,6%га кўтарилди.
2024 йилда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида ўтказилган аукцион савдолари натижасида 7,9 трлн сўмлик бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағлари тежалди.
Шунингдек, avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 195 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилди. Сотилган авторақамларнинг 97% жисмоний шахслар, 3% - юридик шахслар томонидан харид қилинган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 1,7 млн сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 965,3 млн сўмни ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда биржа орқали умумий қиймати 875,9 млн сўмдан ортиқ бўлган қарийб 64,3 мингта “яшил сертификатлар” сотилган. Сертификат бўйича биржада шаклланган биржа котировкаси бир дона сертификат учун 13,6 минг сўмни ташкил қилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида икки томонлама қарама-қарши аукциони ишга туширилди.
Икки томонлама қарама-қарши аукцион биржанинг савдо режими бўлиб, бозор нархларини аниқлашнинг янада самаралироқ усули ҳисобланади. Мазкур савдо режимида икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бунинг натижасида рақобат нафақат харидорлар балки сотувчилар ўртасида ҳам кучайиб боради.
Биржа савдосининг янги режими биржа савдолари самарадорлигини ошириш ва товар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги "Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-205-сон Фармонига мувофиқ, 2024 йилда 30 мингга яқин фермер хўжаликлари томонидан илк бор 2,5 млн тонна пахта хомашёси фьючерс ва спот шартномалари асосида биржа савдолари орқали сотилди.
2024 йил 11 июндаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2024 йил ҳосилидан буғдой харид қилиш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 325-сон қарорига мувофиқ 2024 йил буғдой ҳосилидан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган 1,2 млн тоннадан ортиқ буғдой биржа савдолари орқали сотилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “UZEX Agro” янги электрон савдо платформаси ишга туширилди.
Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
Тадбир доирасида, шунингдек, журналистлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ҳам ўтказилди.
Медиа-тренингда тадбир иштирокчиларига биржа савдолари орқали пахта хомашёсини сотиш амалиёти мисолида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлаш тушунтирилди.
Таъкидланганидек, пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-7-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ жорий йилда пахта хомашёси бўйича биржа савдолари икки-томонлама қарама-қарши аукцион савдо режимида, фьючерс, форвард ва спот шартномалари асосида ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказилади. Бунда, фьючерс ва форвард шартномалари бўйича кластерлар пахтага талаби ва нарх таклифини биржага қўяди, фермерлар эса ўзига маъқулини танлайди. Спот шартномалари омборда сақланаётган пахта хомашёси ҳажмлари бўйича ўзаро келишилган нархда реал вақт режимида тузилади.
Таъкидланганидек, пахта хомашёсини биржа савдоларига чиқарилиши натижасида соҳада шаффофлик оширилди ҳамда пахта хомашёси учун нархлар талаб ва таклиф асосида шаклланиши таъминланди.
Хусусан, ўтказилган биржа савдолари тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан пахта хомашёсининг котировкалари оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, савдо иштирокчиларнинг шахсий кабинетлари ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.
2025 йилда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида товар айланмасининг юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, биржа савдоларининг шаффофлиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш, ходимлар ва биржа аъзоларининг малакасини ошириш ҳамда янги савдо воситаларини жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилади.
Матбуот анжумани якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди