Монополияга қарши комплаенс мавзусида амалий семинар ўтказилди
Жорий йил 29 июль куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотишда назорат қилиш асослари мавзусига бағишланган амалий семинар ўтказди.
“Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси” АЖ Комплаенс назорат ва ахборот хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан ташкил этилган йиғилишда биржанинг марказий аппарат ходимлари билан бирга Zoom видеоконференция дастури орқали ҳудудий филиаллар ходимлари ҳам иштирок этдилар.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва адолатли ишбилармонлик муҳитини яратиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётида рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳамда ташкилотларда монополияга қарши комплекс тизимни жорий этиш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганлиги батафсил тушунтирилди.
Тадбирда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси масъул ходими Ботиров Амирбек Акбаржонович сўзга чиқиб семинар иштирокчиларига “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби” мавзусида маъруза қилди.
Шу билан бирга, фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган маҳсулотлар, хом ашё ва материаллар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Хусусан, ёқилғи-энергетика комплексида 12 турдаги маҳсулот 420 нафар субъект томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинаётган бўлса, кимёсаноатида 21 турдаги маҳсулот 48 нафар субъект томонидан, аграсаноат комплексида 13 турдаги маҳсулот 3,6 мингдан ортиқ субъект томонидан ҳамда қурилиш материаллари ва металл саноатида 11 турдаги маҳсулот 73 нафар субъект томонидан биржа савдоларига чиқарилаётганлигини маълум қилди.
Шунингдек, биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар сотувчиларининг асосий мажбуриятлари тўғрисида ва рақобат қўмитасининг юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни реализацияси ҳолатини мониторинг қилиши тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига батафсил маълумот бериб ўтди.
Семинар якунида биржа ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди