Биржанинг навбатдаги медиа-тренинги Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтди
Жорий йил 9 октябрда Қаршида журналистлар ва тадбиркорлар учун “Товар бозорларида бозор тамойилларини жорий қилиш ва шаффофликни таъминлашда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тутган ўрни” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиали фаолияти мисолида мамлакатимиз товар бозорларида биржа механизмларини тутган ўрни ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат бўлди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида барча савдолар шаффофлик, тенг шароитларни таъминлаш ва бозор тамойиллари асосида ўтказилади, тузилган битимларнинг бажарилиши эса кафолатланади. Бу, ўз навбатида, товар бозорларида нархларни талаб ва таклиф асосида шаклланиши ҳамда соф рақобат муҳитини ривожланишига хизмат қилади.
Биржа савдолари платформаси ва электрон тижорат савдо тизимларида ўтказиладиган савдолар ва ўзаро ҳисоб-китоблар жараёнларининг шаффофлиги оммавий ахборот воситалари, биржанинг расмий вебсайти, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, замонавий IT-технологиялар ва бошқа ресурслар орқали таъминланади.
Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорлар биржа савдоларига қўйилаётган маҳсулотларнинг ҳажмлари, биржа котировкалари, давлат харидлари бўйича эълонлар, ўтказилган савдо натижалари тўғрисидаги маълумотлардан эркин фойдаланишлари ҳамда аукционларни онлайн тарзда кузатишлари мумкин.


Биржада мулоқот алоқалари ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими ҳам яратилган. Биржанинг Call-марказига ҳар куни биржа фаолияти масалалари бўйича 500 дан ортиқ қўнғироқлар ва 150 га яқин онлайн мурожаатлар келиб тушади.
Электрон савдоларда иштирок этишда муаммоларга дуч келган ҳолда фуқаролар ва тадбиркорлар @uzexfeedbackbot, коррупция ҳолатлари бўйича эса @uzexanticorruptionbot telegram-ботлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Биржа механизмларнинг афзалликлари туфайли биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотларнинг рўйхати мунтазам равишда кенгайиб бормоқда.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Қашқадарё филиалида марказий савдо залидан ташқари жами 10 та савдо майдончалари, 158 та брокерлик идоралари ва қарийб 343 та трейдерлар фаолият юритади.
2025 йил 9-ойида филиалда ўтказилган электрон савдолар натижасида
11,1 трлн сўмлик битимлар тузилган бўлиб, уларнинг 87% биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимларига тўғри келган.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлар учун тақдимотлар ҳам ўтказилди. Тақдимотларда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятига доир қабул қилинган янги ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида жорий этилаётган янгиликлар батафсил тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 570-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида икки томонлама қарама-қарши аукциони ишга туширилди.



Биржа савдосининг янги режими биржа савдолари самарадорлигини ошириш ва товар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 2 октябрдаги “Замонавий агрокомплекс фаолиятини илғор биржа механизмлари асосида ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 621-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “UZEX Agro” янги электрон савдо платформаси ишга туширилди.
Биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
Ўзбекистон Республикаси Инвестиция институтлари миллий уюшмаси томонидан ўтказилган танлов якунига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 2024 йилда “Энг яхши корпоратив бошқарув” номинациясида ғолиб бўлди.
Таъкидлаш лозимки, биржанинг самарали корпоратив бошқаруви жамиятнинг менежерлар ва акциядорлар ўртасидаги мувозанатни таъминлайди, бизнес жараёнларини оптималлаштиради, унинг фаолиятининг шаффофлигини оширади ҳамда компаниянинг барқарор ва изчил ривожланишига хизмат қилади.
Бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси сунъий интеллект (СИ) хизматларини жорий қила бошлади. Хусусан, биржанинг электрон давлат харидлари тизимида мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида AI Chat-bot хизмати жорий этилди.
Эндиликда xarid.uzex.uz платформасида авторизациядан ўтган фойдаланувчилар реал вақт режимида, биржанинг Call-марказига мурожаат қилмасдан, ўзларининг сўровларига тезкор жавоблар ва техник кўмак олишлари мумкин.
Келгусида AI Chat-bot функцияларини кенгайтириш, сунъий интеллектнинг янги хизматларини жорий этиш ва уларни биржанинг бошқа электрон савдо платформаларига интеграция қилиш ишлари режалаштирилган.
Медиа-тренинг давомида биржа мутахассислари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди