UZEX 2026 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди
2026 йил 30 октябрь куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг (UZEX) марказий офисида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун биржанинг 2026 йил 9 ойлик фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир давомида биржа фаолиятининг асосий натижалари, савдолар динамикаси, савдо платформаларида жорий этилган янгиликлар ва замонавий технологик ечимлар ҳамда биржани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Кўриб чиқилаётган даврда UZEX фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ижобий ўсиш суръатларини намоён этди. Биржада савдо механизмларини такомиллаштириш, рақамли хизматларнинг функционал имкониятларини кенгайтириш ва замонавий савдо воситалари, шу жумладан, сунъий интеллект технологияларига асосланган ечимларни жорий этишни давом эттирилди.
Хусусан, 2026 йил 9 ойида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида 1,7 миллиондан ортиқ битимлар тузилди ва 27,6 мингдан зиёд янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди.
Шунингдек, UZEX савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 29%га ошди. Жумладан, биржа савдолари ҳажми 31%га, электрон давлат харидлари 32%га, кўргазма-ярмарка савдолари эса 68%га ўсди. Ташқи савдо битимлари ҳажми уч баравардан ортиқ ошиб, 646,6 млн АҚШ долларига етди.
Биржа савдолари бўйича тузилган энг йирик битимлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (30%), ёқилғи энергетика (29%), қора ва рангли металлар (22%), кимё ва нефткимё маҳсулотлари (11%) ҳамда қурилиш материаллари (8%) улушларига тўғри келди.
2026 йил январь–сентябрь ойларида электрон биржа савдолари орқали 312,8 минг тонна суюлтирилган газ сотилиб, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 22,3%га кўпдир. Суюлтирилган газнинг октябрь ойидаги ўртача нархи бир тонна учун 11,5 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача, яъни 10%га пасайди.
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдолари орқали жами 9 471,8 кг қимматбаҳо металлар, шу жумладан 8 840,9 кг олтин ва 630,9 кг кумуш сотилди. Олтиннинг биржадаги ўртача нархи бир грамм учун 1 637,0 минг сўмни ташкил этди.
Электрон давлат харидлари соҳасида 2026 йилнинг январь–сентябрь ойлари якунларига кўра, “Xarid” электрон савдо тизими орқали бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг 6,8 трлн сўм маблағлари тежалди.
Модернизациянинг муҳим йўналишларидан бири давлат харидлари бўйича «Xarid» электрон савдо тизимининг янги версиясини ишга туширилиши бўлди. Ушбу тизимдан new-xarid.uzex.uz манзили орқали фойдаланиш мумкин.
Янгиланган тизимда савдо турлари бўйича қидирув механизмлари такомиллаштирилди ҳамда товарлар ва хизматлар нархларини таҳлил қилиш воситалари жорий этилди. Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари интеграция қилиниб, фойдаланувчиларга юзага келган саволлар бўйича реал вақт режимида жавоб олиш имконияти яратилди.
Харид жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида марказлашган харидлар механизми ва фармацевтика соҳасига ихтисослаштирилган farma.uzex.uz электрон платформаси ишга туширилди. Мазкур ечимлар бозорни таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтириш, харидларни ташкил этишни соддалаштириш ва буюртмачилар маблағларидан оқилона фойдаланиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Давлат харидлари тизимига сунъий интеллект технологияларининг фаол жорий этилиши натижасида тадбиркорлар томонидан электрон ва миллий дўконларда жойлаштириладиган эълонларни модерация қилиш ҳамда баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди. Бу эълонларни қайта ишлаш тезлигини ошириш ва савдо платформалари фаолияти самарадорлигини юксалтириш имконини бермоқда.
Биржанинг mobilraqam.uzex.uz электрон савдо платформасида онлайн-аукционлар орқали қарийб 5 мингта мобил рақамлар сотилди. Уларнинг 96% жисмоний шахслар, 4% эса юридик шахслар томонидан харид қилинди. Сотилган мобил рақамлар нархи 31,5 минг сўмдан 317,2 млн сўмгача бўлди.
“Mobilraqam” электрон савдо платформаси янги имкониятлар билан кенгайтирилди. Эндиликда рўйхатдан ўтган иштирокчилар уяли алоқа операторини танлаган ҳолда мобил рақамларни харид қилиш учун электрон ариза топширишлари мумкин. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга ўзларига тегишли мобил рақамларни онлайн-аукцион ёки “Тезкор битим” механизми орқали сотиш имконияти яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги 82-сон қарорига мувофиқ, мамлакатимизда илк бор маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро фьючерс савдоларида иштирок этиши учун тартибга солинадиган механизм жорий этилди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Сингапурнинг халқаро инвестиция гуруҳи Phillip Capital билан ҳамкорликда UZEX GLOBAL қўшма корхонасини ташкил этди.
UZEX GLOBAL орқали маҳаллий бозор иштирокчилари CME Group, ICE, LME, JPX ва SGX каби етакчи халқаро биржаларда мис, буғдой, пахта, нефть, олтин ва бошқа товарлар бўйича фьючерс шартномалари билан савдо қилиш ва товар бозорларида нархлар ўзгариши билан боғлиқ молиявий хавф-хатарларни самарали бошқариш ва хеджирлаш имкониятига эга бўлдилар.
Келгусида UZEX миллий биржа инфратузилмасини ривожлантириш, электрон хизматлар кўламини кенгайтириш, савдо механизмларини такомиллаштириш, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, савдо жараёнларининг шаффофлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллий бизнес вакилларининг янги бозор воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни давом эттиради.
Матбуот анжумани якунида UZEX вакиллари журналистларнинг саволларига жавоб бериб, биржа фаолиятининг долзарб йўналишлари юзасидан қўшимча тушунтиришлар бердилар.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX 2026 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказди
- UZEX ҳафталик дайжести (19 – 25 октябрь)
- Ўзбекистонда маҳаллий тадбиркорларнинг халқаро товар дериватив савдоларида иштирок этиш тартиби тасдиқланди
- Mobilraqam.uzex.uz платформасида жисмоний шахслар ўртасида дастлабки битимлар тузилди
- Биржа савдоларида шаффофлик ва соғлом рақобатни таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди
- Nasdaq ва UZEX ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда