Самарқандда давлат харидлари бўйича семинарлар ўтказилди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг Самарқанд филиали томонидан давлат буюртмачилари ва тадбиркорлар учун электрон давлат харидларига бағишланган семинарлар ташкил этилди.
Тадбирлардан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–259-сон Фармонининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда давлат харидлари соҳасидаги яратилган янги имконият ва қулайликлар тўғрисида маълумот беришдан иборат бўлди.

Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, соҳа мутахассислари семинар иштирокчиларининг барча қизиқтирган саволларига батафсил жавоб беришди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ–259-сон Фармони билан давлат харидлари тизимини тубдан такомиллаштириш, очиқлик ва рақобат муҳитини кучайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган.
Фармонга мувофиқ:
- давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни фаоллаштириш мақсадида “таклифлар сўрови” ва “маҳаллий аукцион” каби янги харид турлари жорий этилди;
- энг яхши таклифларни танлаш савдолари такроран эълон қилинганда ягона иштирокчи аввалги тадбиркор бўлса, савдо ўтказилган деб ҳисобланади;
- аукционда битта иштирокчи қатнашганда ҳам аукцион ўтказилган деб эътироф этилади;
- оферталарнинг амал қилиш муддати 15 кундан 60 кунгача узайтирилди;
- электрон дўконда товарларни етказиб бериш муддати камида 5 кун этиб белгиланди.
Шунингдек, давлат буюртмачиларининг товарлар, ишлар ва хизматларни қабул қилувчи шахсларига бериладиган ишончномаларни давлат харидларининг электрон тизими орқали электрон шаклда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, биржанинг давлат харидлари электрон тизимида сунъий интеллектга асосланган замонавий сервислар жорий этилиб, харид жараёнларини янада соддалаштириш ва тезлаштиришга хизмат қилмоқда.
Жамоатчилик назорати ва очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида махсус Telegram ботлар — @uzexfeedbackbot ва @uzexanticorruptionbot орқали мурожаатлар қабул қилиниши йўлга қўйилган.
Семинарлар давомида иштирокчиларга амалий аҳамиятга эга тавсия ва тушунтиришлар берилди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX ҳафталик дайжести (23 февраль – 1 март)
- Ўзбекистон ва Беларусь товар биржалари стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (16 – 22 февраль)
- Афғонистонда UZEX биржасининг тақдимоти ўтказилди
- UZEX ҳафталик дайжести (9 – 15 февраль)
- Самарқандда давлат харидлари бўйича семинарлар ўтказилди