СПОТ савдодан глобал деривативларга: ЎзРТХБ ва Phillip Capital Ўзбекистонда фьючерс савдосини амалий жорий этиш босқичини бошлади
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва Сингапурнинг Phillip Capital компанияси ўртасида фьючерс савдосини ривожлантириш, замонавий товар дериватив инструментларни жорий этиш ҳамда Ўзбекистоннинг биржа инфратузилмасини жаҳон товар бозорлари билан интеграция қилишга қаратилган Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши мамлакатимизда замонавий фьючерс бозорни шакллантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг навбатдаги амалий босқичини бошлаб берди. Бу ташаббус Ўзбекистон иқтисодиётини глобал деривативлар бозори билан боғлаш, миллий биржа инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш ва халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Айниқса, ушбу ҳамкорлик мамлакатимизда фьючерс савдосини йўлга қўйиш бўйича ишлар аллақачон амалий босқичга ўтганлиги билан аҳамиятлидир. Товар фьючерс ва бошқа дериватив инструментлар бозорини ташкил этиш мақсадида «UZEX Global» қўшма корхонаси ташкил этилди. Мазкур тузилма миллий деривативлар бозорининг асосий институционал платформаси бўлиб хизмат қилади ҳамда фьючерс контрактлари савдосини ташкил этиш, клиринг ва рискларни бошқариш тизимларини жорий қилишда муҳим ўрин тутади.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, лойиҳани амалга оширишда Сингапур тажрибаси асос қилиб олинмоқда. Бугунги кунда Сингапур дунёнинг энг йирик молиявий ва савдо марказларидан бири ҳисобланади. У ерда шаклланган деривативлар бозори инфратузилмаси, клиринг механизмлари, рискларни бошқариш тизими ва биржа операцияларини ташкил этиш амалиёти халқаро экспертлар томонидан энг самарали ва илғор моделлардан бири сифатида эътироф этилади.
Phillip Capital компанияси кўп йиллик халқаро тажрибага эга бўлиб, жаҳоннинг етакчи биржалари ва деривативлар бозорларида фаол иштирок этиб келмоқда. Компаниянинг эксперт салоҳияти ва технологик ечимлари Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос, шаффоф ва рақобатбардош фьючерс бозорини шакллантиришга хизмат қилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, экспортёрлар, импортёрлар ва инвесторларга нарх хавфларини хеджирлаш, бозор ўзгаришларидан ҳимояланиш ва замонавий молиявий инструментлардан фойдаланиш имкониятини яратади. Бу эса иқтисодиётнинг реал сектори самарадорлигини ошириш, инвестициявий жозибадорликни кучайтириш ва бозор механизмларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- СПОТ савдодан глобал деривативларга: ЎзРТХБ ва Phillip Capital Ўзбекистонда фьючерс савдосини амалий жорий этиш босқичини бошлади
- Биржа раҳбарияти ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
- UZEX ҳафталик дайжести (25 – 31 май)
- UZEX биржаси 2025 йил якунлари бўйича корпоратив бошқарув соҳасида энг яхши компания деб эътироф этилди
- Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар орқали соҳадаги муаммо ва таклифлар ўрганилмоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (18 – 24 май)