UZEX биржаси “Investor Day” тадбирида иштирок этди
2025 йил 23-24 октябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) вакиллари Franklin Templeton халқаро инвестиция компанияси томонидан ташкил этилган “Инвестор куни” (Investor Day) тадбирида иштирок этишди.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини глобал оламга намойиш этиш ва халқаро инвесторларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилди.
“Инвестор куни” тадбирида умумий қиймати 1 трлн АҚШ доллардан ортиқ активларига эга бўлган 67 та компанияларнинг 200 дан зиёд нуфузли вакиллари иштирок этдилар. Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдоси ва электрон тижорат соҳасида эришган ютуқлари ва истиқболли режалари билан танишиб чиқдилар.




Учрашувлар доирасида UZEX вакиллари ўзларининг стратегик ривожланиш йўналишлари, шу жумладан, савдо инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо тизимларини такомиллаштириш ҳамда янги савдо воситалари ва хизматларини жорий этиш режалари билан ўртоқлашдилар. Хусусан, биржанинг барча савдо платформаларида товар айланмаси бўйича қайд этилган юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш вазифалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида биржанинг молиявий кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда товар айланманинг ўсиш динамикаси, даромадларнинг барқарорлиги ва операцион жараёнларнинг самарадорлиги, корпоратив бошқарув, шу жумладан, компанияда очиқликни ошириш, ички назоратни такомиллаштириш, ESG тамойилларини жорий этиш ҳамда акциядорлар ва ҳамкорлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доир масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, инвесторлар Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг мамлакат ва минтақанинг товар бозорларидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги IT-лойиҳалари билан ҳам танишдилар.





Учрашувлар якунида хорижий компанияларнинг раҳбарлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятига юқори баҳо бериб, унинг Ўзбекистон товар бозорларида шаффофликни таъминлаш ва бозор муносабатларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссасини таъкидлаб ўтдилар.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX БИРЖАСИ ВА ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТ УНИВЕРСИТЕТИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
- Биржанинг давлат харидлари тизимида инсон омили янада қисқартирилди
- UZEX ҳафталик дайжести (27 апрель – 3 май)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича семинарлар ўтказилиши давом этмоқда
- Афғонистон бизнес вакиллари биржага ташриф буюрди
- UZEX ҳафталик дайжести (20 – 26 апрель)