Ўзбекистон бизнеси илк бор UZEX орқали дунёнинг етакчи биржаларига чиқади
Маҳаллий бизнес вакиллари илк бор Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX) орқали Чикаго товар биржаси (CME Group), Нью-Йорк Интерконтиненталь биржа (ICE), Лондон металл биржаси (LME) ва дунёнинг бошқа нуфузли дериватив биржаларига чиқиш ва уларнинг фьючерс шартномалари билан савдо қилиш имконига эга бўлади.
Янги механизм Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 27 февралдаги “Нарх ўзгарувчанлиги даврида молиявий хавф-хатарлардан самарали ҳимояланишни ташкил қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 82-сон қарорида назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси халқаро миқёсда тан олинган инвестиция ва брокерлик компанияси билан ҳамкорликда “UZEX Global” МЧЖ – халқаро биржа воситачисини ташкил этади.
Ушбу қўшма корхона маҳаллий тадбиркорларга халқаро товар деривативлари савдоларида иштирок этиш, ички ва ташқи товар бозорларида нархлар тебранишларидан ҳимояланиш (хеджирлаш) ва қўшимча даромад олиш учун ноёб шарт-шароитларни яратиб беради.
Натижада Ўзбекистонда фаолият юритаётган товар ишлаб чиқарувчилар илғор биржа савдо воситаларидан фойдаланган ҳолда ўз ишлаб чиқариш фаолиятини самарали ташкил қилиш ва кенгайтириш имкониятига эга бўлади.
Бунда халқаро биржа воситачиси жаҳон фьючерс савдоларида иштирок этиш учун маҳаллий тадбиркорлар томонидан киритилган миллий валютадаги маблағларни чет эл валютасига айирбошлаб, халқаро дериватив биржаларига йўналтиради.
Бу мақсадларда маҳаллий тадбиркорлар учун замонавий риск-менежмент тизими жорий этилади ва уларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича халқаро экспертлар иштирокида амалий семинарлар ва мастер-класслар ташкил қилинади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур соҳада ваколатли орган сифатида иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, тартибга солиш ва назорат қилиш вазифаларини амалга оширади.
Қабул қилинган қарор, шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси ва миллий иқтисодиёт тармоқларини халқаро биржалар индустриясига интеграциялаштириш ҳамда мамлакатимизда жаҳон стандартларига мос миллий товар деривативлари тизимини босқичма-босқич жорий этишга хизмат қилади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX БИРЖАСИ ВА ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТ УНИВЕРСИТЕТИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
- Биржанинг давлат харидлари тизимида инсон омили янада қисқартирилди
- UZEX ҳафталик дайжести (27 апрель – 3 май)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича семинарлар ўтказилиши давом этмоқда
- Афғонистон бизнес вакиллари биржага ташриф буюрди
- UZEX ҳафталик дайжести (20 – 26 апрель)