Биржада 2025 йил 9 ой якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
2025 йил 31 октябрда “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятининг марказий офисида оммавий ахборот воситалари учун “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2025 йил 9 ойлик якунлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, 2025 йил 9 ойлигида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг аcосий йўналишлари бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Хусусан, кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида жами 2,6 млндан ортиқ битимлар тузилди.
2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,3% га ўсди, шу жумладан биржа савдолари – 30,2%га, электрон давлат харидлари – 31,2%га, мобиль рақамларнинг сотув ҳажмлари 37,6 %га кўтарилди.


2025 йил 9 ойлик якунларига кўра биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида ўтказилган савдолар натижасида 7,3 трлн сўмлик бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг маблағлари тежалди.
Биржа савдолари бўйича тузилган энг йирик битимлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (37%), ёқилғи энергетика маҳсулотлари (23%), қора ва рангли металлар (18%), кимё ва нефткимё маҳсулотлари (14%) улушларига тўғри келди.
2025 йил 9 ойлигида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг биржа савдолари орқали 4 013,0 килограмм қимматбаҳо металлар, шу жумладан 3 732,8 кг олтин ва 280,2 кг кумуш сотилди. Кўриб чиқилаётган даврда 1 грамм олтин учун биржада шаклланган ўртача ҳафталик котировкаси 1 095,9 минг сўмдан 1 504,1 минг сўмгача, яъни 37%га ўсди.
Кўриб чиқилаётган даврда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг “яшил энергетика секцияси”да “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 2,5 млрд сўмлик 291,5 мингдан зиёд яшил сертификатлар сотилди, шу жумладан жорий йилда 301 та сертификат экспорт қилинган.
Жорий йилнинг бошидан буён Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг agro.uzex.uz электрон савдо платформасида 730 дан зиёд битимлар тузилди. Тузилган битимларнинг 70% кўчатлар, 14% сабзавотлар ва 6% ёрмалар савдосига тўғри келган.
Шунингдек, биржанинг mobilraqam.uzex.uz савдо тизимида 7 433 та мобиль ва қисқа рақамлар сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47 фоизга кўпдир. Сотилган мобиль рақамнинг максимал нархи 800 млн сўмни ташкил этди.

Ўтган даврда савдо иштирокчиларига қўшимча қулайликлар яратиш ва давлат харидлари соҳасида янги мижозларни жалб қилиш мақсадида янги Xarid электрон давлат харидлари мобиль иловаси ишга туширилди.
Мобиль илова фойдаланувчиларга давлат харидлари доирасида электрон дўконда ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционда қатнашиш имкониятини тақдим этади.
Шунингдек, бизнес-жараёнларни оптималлаштириш ва иш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси сунъий интеллект (СИ) хизматларини жорий қила бошлади.
Хусусан, биржанинг электрон давлат харидлари тизимида мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сунъий интеллектга асосланган замонавий ечим бўлган AI Chat-bot хизмати жорий этилди.
Эндиликда xarid.uzex.uz платформасида авторизациядан ўтган фойдаланувчилар реал вақт режимида, биржанинг Call-марказига мурожаат қилмасдан, ўзларининг сўровларига тезкор жавоблар ва техник кўмак олишлари мумкин.
Рақамли ёрдамчи қонунчилик, тендер ўтказиш тартиби, ҳужжатларни расмийлаштириш, савдоларда иштирок этиш ва давлат харидларига оид бошқа масалалар бўйича тезкор маслаҳат ва тавсиялар беради.
Мазкур технологияни жорий этилиши мижозларни қўллаб-қувватлашни яхшилайди, тизим билан ўзаро алоқа қилиш жараёнини соддалаштиради ва савдо операцияларини бажаришда хатоларга йўл қўйиш эҳтимолини камайтиради.
Келгусида AI Chat-bot функцияларини кенгайтириш, сунъий интеллектнинг янги хизматларини жорий этиш ва уларни биржанинг бошқа электрон савдо платформаларига интеграция қилиш ишлари режалаштирилган.


Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш мақсадида марказлашган харидлар, экоплатформа ва фармацевтика тармоғи бўйича ихтисослашган платформалар ишга туширилди ҳамда агро техника лизинги ва икки босқичли давлат харидлари тизимларининг ишга туширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида коррупцияга қарши курашиш борасида фаол ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича илғор тажриба ва тартиблар ишлаб чиқилиб, жорий этилган. Комплаенс бошқариш тизимининг самарадорлиги биржанинг Бошқаруви ва Кузатув кенгаши йиғилишларида мунтазам равишда кўриб чиқилади.
Ҳар йили Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги бўйича ташқи аудит ўтказилмоқда. Биржа ходимлари ва аъзолари учун мунтазам равишда мазкур мавзуга доир семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказиб борилади.
Шунингдек, биржада мулоқот ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими жорий қилинган. Мисол учун, бугунги кунда биржада @uzexfeedbackbot ва @uzexanticorruptionbot телеграм ботлари фаол ишлаб келмоқда.
Матбуот анжумани якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX БИРЖАСИ ВА ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТ УНИВЕРСИТЕТИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
- Биржанинг давлат харидлари тизимида инсон омили янада қисқартирилди
- UZEX ҳафталик дайжести (27 апрель – 3 май)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича семинарлар ўтказилиши давом этмоқда
- Афғонистон бизнес вакиллари биржага ташриф буюрди
- UZEX ҳафталик дайжести (20 – 26 апрель)