Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлар учун электрон давлат харидларига бағишланган семинарлар ўтказмоқда.
Жорий йилнинг ноябрь ойида семинарлар Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида ўтказилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад электрон давлат харидлари тизимида яратилган қулайликлар ва афзалликларни тушунтиришдан иборат бўлди.
Семинарлар давомида давлат харидларида иштирок этиш тартиблари, тизимда жорий этилган янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди ва тақдимотлар ўтказилди.



Таъкидланганидек, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси давлат харидлари электрон тизимининг йирик ва тажрибали оператори сифатида фаолият юритиб келмоқда. Мазкур тизим давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Биржа IT компания сифатида 2011 йилдан буён давлат харидлари электрон тизимини такомиллаштириб келмоқда.
Жорий йилда xarid.uzex.uz электрон давлат харидлари тизимида буюртмачилар ва иштирокчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилди.
Хусусан, биржанинг янги Xarid (iOS учун) электрон давлат харидлари мобиль иловаси жорий қилинди. Мобиль илова фойдаланувчиларга давлат харидлари доирасида электрон дўконда ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционларда қатнашиш имкониятини тақдим этади.
Электрон давлат харидлари тизимида мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сунъий интеллектга асосланган замонавий ечим бўлган AI Chat-bot хизмати жорий этилди.
Эндиликда, xarid.uzex.uz платформасида авторизациядан ўтган фойдаланувчилар реал вақт режимида, биржанинг Call-марказига мурожаат қилмасдан, ўзларининг сўровларига тезкор жавоблар ва техник кўмак олишлари мумкин.
Сунъий интеллект сервислари, шунингдек, электрон давлат харидлари тизимида буюртмачи ва иштирокчилар эълонларини модерациядан ўтказишда ҳам кенг қўлланилмоқда.


Шунингдек, биржанинг xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун товарлар каталогини шакллантириш механизми жорий қилинди. Ушбу сервис аввал тизимга жойлаштирилган маҳсулотларни такроран модерациядан ўтказиш заруратидан озод этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси xarid.uzex.uz электрон давлат харидлари тизими ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг license.gov.uz электрон лицензиялаш тизими билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Буларнинг барчаси биржанинг xarid.uzex.uz электрон савдо тизимига маҳсулотларни жойлаштириш ва сотиш жараёнларини енгиллаштиради.
Шунингдек, биржада мулоқот ва жамоатчилик назоратининг самарали тизими жорий қилинган. Мисол учун, бугунги кунда биржада @uzexfeedbackbot ва @uzexanticorruptionbot телеграм ботлари фаол ишлаб келмоқда.
Семинарлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, соҳа мутахассислари семинар иштирокчиларининг барча қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди