Электрон давлат харидларида иштирок этиш янада осонлашди
Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар учун қўшимча қулай шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UZEX)да давлат харидлари билан боғлиқ бир қатор жараёнлар автоматлаштирилди.
Хусусан, биржанинг xarid.uzex.uz электрон давлат харидлари тизими “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими ва “Узбекэкспертиза” АЖ ахборот тизими билан интеграция қилиниши натижасида маҳаллий тадбиркорлар 130 мингдан ортиқ маҳсулотлар бўйича мувофиқлик сертификатларини алоҳида юклаш заруратидан озод этилди. Бу эса оферталарни модерация қилиш вақтини ўртача 30 фоизга камайтириш имконини берди.
Шунингдек, давлат харидларининг milliy do‘kon ва ekoplatforma тизимларида товарлар каталоги механизми жорий этилди. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун аввал тизимга жойлаштирилган маҳсулотларни такроран модерациядан ўтказиш талаби бекор қилиниб, оферталарни жойлаштириш жараёни янада соддалаштирилди.
Товарлар каталоги, шунингдек, товар ишлаб чиқарувчилар ва дилерлар ўртасидаги шартномавий муносабатларни масофадан бошқариш имконини берди. Эндиликда ишлаб чиқарувчилар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали дилерларни танлаш, улар билан электрон шаклда шартнома тузиш ёки бекор қилиш, уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва бошқа операцияларни онлайн тарзда амалга оширишлари мумкин.
Бундан ташқари, оферталарни модерация қилиш жараёнида сунъий интеллектга асосланган AI-таҳлил хизмати жорий этилди. Ушбу сервис орқали тизимга жойлаштирилаётган оферталардаги товар номи, техник параметрлари, расмлари ҳамда ҳужжатларнинг ўзаро мослиги сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинмоқда.
UZEX замонавий рақамли ечимлар асосида мижозлар манфаатида қулайликлар ва янги имкониятларни тақдим этишни давом эттириб, бизнесингизни ривожлантиришда ишончли ҳамкор бўлиб қолади.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX БИРЖАСИ ВА ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТ УНИВЕРСИТЕТИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ
- Биржанинг давлат харидлари тизимида инсон омили янада қисқартирилди
- UZEX ҳафталик дайжести (27 апрель – 3 май)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича семинарлар ўтказилиши давом этмоқда
- Афғонистон бизнес вакиллари биржага ташриф буюрди
- UZEX ҳафталик дайжести (20 – 26 апрель)