Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг xarid.uzex.uz электрон давлат харидлари тизимининг буюртмачилари ва иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилди.
Хусусан, биржанинг янги Xarid (iOS учун) электрон давлат харидлари мобиль иловаси жорий қилинди. Мобиль илова фойдаланувчиларга давлат харидлари доирасида электрон дўконда ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукционларда қатнашиш имкониятини тақдим этади.
Электрон давлат харидлари тизимида мижозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида сунъий интеллектга асосланган замонавий ечим бўлган AI Chat-bot хизмати жорий этилди.
Эндиликда xarid.uzex.uz платформасида авторизациядан ўтган фойдаланувчилар реал вақт режимида, биржанинг Call-марказига мурожаат қилмасдан, ўзларининг сўровларига тезкор жавоблар ва техник кўмак олишлари мумкин.
Сунъий интеллект сервислари, шунингдек, электрон давлат харидлари тизимида буюртмачи ва иштирокчилар эълонларини модерациядан ўтказишда ҳам кенг қўлланилмоқда.
Шунингдек, биржанинг xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун товарлар каталогини шакллантириш механизми жорий қилинди. Ушбу сервис аввал тизимга жойлаштирилган маҳсулотларни такроран модерациядан ўтказиш заруратидан озод этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси xarid.uzex.uz электрон давлат харидлари тизими ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг license.gov.uz электрон лицензиялаш тизими билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Буларнинг барчаси биржанинг xarid.uzex.uz электрон савдо тизимига маҳсулотларни жойлаштириш ва сотиш жараёнларини енгиллаштиради.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди