Қимматбаҳо металлар биржа савдоси янги тартибда амалга оширилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 июндаги ПҚ-207-сонли қарорига мувофиқ олтин изловчилар ҳамда аффинаж корхоналари томонидан қимматбаҳо металларни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан ташкил этиладиган биржа савдолари орқали реализация қилиш тартиби тасдиқланди.
Ушбу тартиб соҳани маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда савдосини қўллаб-қувватлаш мақсадида тасдиқланган.
Ҳужжатга мувофиқ қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга доир фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда аффинаж корхоналари қимматбаҳо металларни биржа савдолари орқали реализация қилиши мумкин.
Бунда, биржа савдолари бошланғич нарх ўсишга қаратилган аукцион шаклида ўтказилади. Сотувчи ва харидорлар савдоларда қатнашишлари учун ўзларининг шахсий ҳисобварақларига 10 фоизгача закалат маблағларини киритишлари керак.
Шунингдек, олтин изловчилар ва аффинаж корхоналари ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли лицензия ва махсус лаборатория хулосаларига эга бўлишлари шарт.
Янги тартиб маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, уларнинг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг сифатли заргарлик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Мазкур тартибнинг тўлиқ матни билан "ЎзРТХБ" АЖ расмий вебсайтининг ҳужжатлар бўлимида танишиб чиқишингиз мумкин.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- Афғонистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тармоғи кенгаймоқда
- UZEX ҳафталик дайжести (24 – 30 ноябрь)
- Ҳудудларда давлат харидлари бўйича тадбиркорлар учун семинарлар ўтказилди
- Афғонистонда биржанинг савдо майдончаси очилди
- UZEX ҳафталик дайжести (17 – 23 ноябрь)
- Электрон давлат харидлари бўйича янги сервислар жорий қилинди