UZEX ва Туркия Товар биржаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2026 йил 28 сентябрь куни “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (UZEX) ва Туркия Товар биржаси (Turkish Mercantile Exchange – TMEX/TÜRİB) ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни UZEX Бошқарув раиси Асадулла Қаюмов ва Туркия Товар биржасининг Бош ижрочи директори Али Кирали имзоладилар.
Меморандум Ўзбекистон ва Туркия товар биржалари ўртасида амалий ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, товар савдосини кенгайтириш, замонавий биржа механизмларини жорий этиш ҳамда бозор иштирокчилари учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Учрашув давомида томонлар Туркия Товар биржасининг электрон омбор гувоҳномалари (ELÜS) билан савдони ташкил этиш, лицензияланган омборхоналар тизими, рақамли савдо платформалари ва замонавий биржа технологияларини жорий этиш бўйича тажрибаси юзасидан фикр алмашдилар.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида товар савдоси соҳасида тажриба ва илғор амалиёт алмашиш, лицензияланган омборхона тизимини ривожлантириш, рақамли платформалар ва биржа маҳсулотлари бўйича ҳамкорлик қилиш, шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш белгиланди.
Шунингдек, томонлар фьючерс савдосини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича бозор ва таҳлилий маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нарх индексларини жорий этиш имкониятларини ўрганиш бўйича келишиб олдилар.
Меморандум доирасида биржа савдоси билан боғлиқ қоидалар ва тартиб-таомилларни уйғунлаштириш, икки мамлакат бозорларида товар савдосини соддалаштириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия биржа иштирокчиларининг ўзаро бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш бўйича консультациялар ўтказиш назарда тутилган.

Томонлар қўшма конференциялар, давра суҳбатлари ва ўқув семинарларини ташкил этиш, мутахассисларнинг ўзаро ташрифлари ва стажировкаларини йўлга қўйиш орқали профессионал тажриба алмашинувини ривожлантиришга келишдилар.
Мазкур меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Туркия товар бозорлари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, биржа инфратузилмасини рақамлаштириш ва замонавий товар савдоси механизмларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Маълумот учун: Туркия Товар биржаси 2019 йилда операцион фаолиятини бошлаган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига электрон омбор гувоҳномалари (ELÜS) орқали савдо қилиш имконини берувчи миллий электрон платформани ривожлантириб келмоқда.
Манба: Оммавий коммуникациялар ва ташқи иқтисодий фаолият бўлими
Бошқа янгиликлар:
- UZEX ҳафталик дайжести (21 – 27 сентябрь)
- UZEX ва Туркия Товар биржаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- UZEX ҳафталик дайжести (14 – 20 сентябрь)
- Ўзбекистонда илк бор UZEX бизнес учун халқаро деривативлар бозорларида иштирок этиш имкониятини яратди
- UZEX ва ICE ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
- UZEX ва CME Group раҳбарияти ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди