Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

UZEX ҲАФТАЛИК ДАЙЖЕСТИ (5 – 11 ИЮЛЬ)

Ўтган ҳафта давомида, яъни 5 – 11 июль кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 1 661,3 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 7,5% га камдир. Бунда сотувларнинг 84,7% - биржа савдолари; 1,8% - кўргазма-ярмарка савдолари; 12,9% - электрон давлат харидлари ва 0,6% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 501,9 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 30,8 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 4 087 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 10,2 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 9,6% биринчи тоифадаги авторақамларга; 17,3% иккинчи; 11,4% учинчи; 12,4% тўртинчи; 16,9% бешинчи ва 32,4% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 1 407,4 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Пахта ёғи

Ўтган ҳафтада биржанинг пахта ёғи бозорида нархлар пасайди. Ҳафта давомида биржа савдоларига 2 577,0 тонна пахта ёғи қўйилди ва улардан 973,0 тоннаси, яъни 37,7% сотилди. Ўртача харидорлар сони 147 кишини ташкил қилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари эса 195 тоннага тенг.

Кўриб чиқилаётган даврда пахта ёғининг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 670,7 минг сўмдан 14 984,3 минг сўмгача, яъни 10,1% га пасайди.

Цемент

Биржанинг цемент бозорида ички талаб ўсишда давом этмоқда. Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 332 552,0 тонна цемент қўйилди ва улардан 193 788,0 тоннаси, яъни 58,3% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 38,7 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда цементнинг барча маркалари бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 518,6 минг сўмдан 518,0 минг сўмгача пасайди.

Бензин

Ўтган ҳафтада биржада автомобиль бензинининг нархи бироз пасайди. Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 25 898,0 тонна бензин қўйилди ва улардан 19 375,4 тоннаси, яъни 74,8% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 3,9 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда АИ-80 русумли автомобиль бензиннинг кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 7 109,8 минг сўмдан 7 096,9 минг сўмгача пасайди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 апрелдаги ПҚ-4664-сон қарорига мувофиқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасаруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан биржа савдоларига қўйиладиган автомобиль бензинининг бошланғич нархлари, жаҳон биржаларидаги Brent нефтининг котировкаларидан келиб чиқиб шаклланади.

Турли манбаларда келтиришича автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Барча товарлар учун ҳафталик котировкалар билан мазкур ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими