Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

Европада ўзбек биржасининг биринчи савдо майдончаси очилди

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товар ресурслари учун нархларнинг барқарорлигини импорт ҳисобига таъминлаш ва сақлаш, шунингдек, маҳаллий товарларни ташқи бозорларга, шу жумладан Европага олиб чиқиш мақсадида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ўзининг хорижий савдо майдончалари тармоғини кенгайтириш ишларини давом эттирмоқда.

Хусусан, хорижий ҳамкорлар билан олиб борилган музокаралар натижасида марҳум Николай Юрьевич Давыденко бошқарув раисининг биржа савдолари, давлат харидлари ва электрон тижоратни ривожлантириш бўйича собиқ ўринбосари ва “AP Holding” бошқарув раиси Александр Витальевич Петровнинг шахсий ташаббуси билан Латвиянинг Рига шаҳрида илк бор “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг хорижий савдо майдончаси очилди. Биржанинг янги хорижий савдо майдончаси таъсисчиси Латвиянинг ООО «Shipleart» (AP Holding) компанияси бўлди.

Биржанинг янги савдо майдончасини ишга туширилиши билан буғдой, шакар, пахта ёғи ва бошқа маҳсулотларини биржанинг электрон савдо тизимлари орқали эркин импорт қилиш, шунингдек, нефт маҳсулотлари, қора металлар, кимёвий маҳсулотлар, электротехника машиналари ва ускуналарини экспорт қилиш имкониятлари очилмоқда. Бунда хорижий компаниялар биржа савдолари ва электрон тижоратнинг бозор механизмлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон товар бозорларига тўғридан-тўғри чиқишлари мумкин.

Мазкур электрон савдо тизими мижозларга хизмат кўрсатишнинг ягона механизми, амалга ошириладиган савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек тўловларни ва товарни етказиб беришнинг кафолатлаш каби афзалликларга эга.

Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларимиз ўз навбатида, хорижда фаолият юритаётган биржа савдо майдончаларининг биржа ва маркетинг хизматларидан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга самарали усул билан олиб чиқишлари ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро савдо тармоғи Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Украинада жойлашган биржа офисларини ўз ичига қамраб олади.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ халқаро савдо тармоғи 15 та хорижий савдо майдончаларидан иборат.

Маълумот учун: Хорижий савдо майдончалари бу электрон биржа савдоларининг ягона тизимига уланган биржанинг масофадаги савдо марказларидир. Улар тадбиркорларга биржа савдоларида эркин қатнашиш ҳуқуқини ва биржа битимларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятини беради.

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими