Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

Наманганда тадбиркорлар ва ёшлар билан учрашув ўтказилди

2021 йил 29 июль куни Наманганда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси вакилларининг вилоят тадбиркорлари ва ёшлар билан навбатдаги учрашуви ўтказилди.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон 17 мартдаги "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, ҳамда ёшларни трейдерлик касби билан таништиришдан иборат бўлди.

Семинарда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, электрон савдоларнинг иштирокчилари, шу жумладан хорижий инвестор иштирокидаги қўшма корхонанинг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, янги Қарор бизнес вакиллари, шу жумладан ёш тадбиркорлар учун бир қатор янги имкониятларни тақдим этади.

Хусусан, улар томонидан поливинилхлорид, формалин, истеъмол ва техник этил спирти, кумуш, нефть ва газ конденсати каби маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилади. Айни пайтда мазкур товар позициялар бўйича очиқ биржа савдолари ўтказилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда биржанинг цемент, пахта чигити, пахта ёғи ва қайта ишланган чигит чиқиндилари сегментларида хусусий корхоналарнинг қўшимча ишлаб чиқариш ҳажмлари эвазига таклиф даражасининг ўсиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ушбу бозорларда биржа нархларининг барқарорлашувига хизмат қилади.

Жорий йил 1 сентябрдан монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни ташиш электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади.

Портални тўлиқ ишга туширилиши юк ташувчилар бозорида рақобат муҳитини шакллантиради ва ушбу соҳада шаффофликни таъминлайди. Харидорлар бошланғич нархларни пасайишга қаратилган аукцион ҳисобига ўз харажатларини мақбуллаштиришга муваффақ бўладилар. Харидорлар электрон навбатининг шакллантирилиши биржа савдоларида сотиб олинган маҳсулотларни ўз вақтида юкламаслик каби юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этади.

Тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирокини кенгайтириш, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг давлат харидларида иштирокини соддалаштириш мақсадида xarid.uzex.uz янги ягона портал ишга туширилди. Мазкур порталда давлат харидларнинг барча турлари бирлаштирилди.

Порталда ҳар бир маҳсулотнинг барча параметрлари ва хусусиятлари акс этган товарлар ва хизматларнинг ягона классификатори жойлаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, порталга лотларни жойлаштиришни осонлаштиради ва буюртмачиларга сифатсиз товарларни етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни камайтиради.

Янги порталнинг бошқа афзалликларига мижозларни ягона рўйхатдан ўтказиш ва биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасида ягона ҳисобварақ хизматлари киради. Эндиликда тадбиркорлар биржада бир маротаба онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва битта ҳисобварақдан фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон Қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да биржа савдоларида товар деривативалари, жумладан фьючерс шартномаларини жорий этилиши ҳам белгиланган. Бундан кўзланган асосий мақсадлар нархларнинг ўзгарувчанлигидан ҳимояланиш (хежерлаш), товар бозорларида талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, бозор нархини шакллантириш, иқтисодиётга бўш маблағлар ва хорижий инвесторларни жалб қилишдан иборатдир.

Шу мақсадда жорий йилнинг июнь ойида биржа вакиллари АҚШга ташриф буюришди. Ташриф чоғида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси АҚШ биржалари, давлат назорат органлари, брокерлик идоралари, софтвер ва IT компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Умуман олганда янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5031-сон Қарори UZEX биржасини янада ривожланишига катта туртки бермоқда.

Хусусан, 2021 йилнинг I ярим йиллик якунларига кўра Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг товар айланмаси 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 56,4% га ўсиб, 39,5 трлн сўмни ташкил қилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 53,1% ошиб, 14,7 трлн сўмни ташкил этди. Шу жумладан, тадбиркорлар биржа орқали 9,7 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 5,0 трлн сўмлик маҳсулот сотишди.

Учрашувда биржа раҳбарлари Наманган филиалида биржа трейдинги бўйича ўтказилаётган бепул ўқув курсларида ўқиш учун ёшларни таклиф қилишди. Мазкур ўқув курсларида ёшлар брокерлик касбини эгаллашда зарур бўладиган назарий ва амалий билимларни олишлари мумкин.

Маърузачиларнинг чиқишлари давомида ёшлар, тадбиркорлар, журналистлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди.

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими