Эски Uzex.uz сайтига
ўтиш

UZEX биржасида деривативлар бозорига бағишланган анжуман ўтказилди

Жорий йил 9 сентябрь куни Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси марказий биносида “Дериватив бозорнинг (товар сегментида) шаклланиш босқичлари. Москва биржаси тажрибаси” мавзусида Россия экспертлари иштирокида амалий анжуман ташкил этилди. Хусусан, анжуманда “Москва биржаси” ОАЖ нинг ЕИИ капитал бозорларини интеграцияси бўйича директори – Сергей Данов ва МДҲ давлатлари Халқаро биржалари ассоциацияси ижрочи директори – Алексей Куприн иштирок этдилар.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти, марказий аппарат ҳамда ҳудудий филиалларнинг мутахассислари ва трейдерлари ҳам қатнашдилар.

Амалий анжуманни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад товар сегментида муддатли бозорнинг шаклланиши ва ривожланиши бўйича хориж тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди.

Учрашув аввалида “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ Бошқарув раиси Зиёвиддин Бадриддинов хорижий меҳмонларни илиқ кутиб олиб, Ўзбекистонда замонавий биржа савдо воситаларини жорий этишда маҳаллий биржалар ва халқаро экспертлар ўртасида ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш шароитида биржа савдосини янада ривожлантиришнинг зарур босқичларидан бири дериватив молиявий воситалар, шу жумладан фьючерс шартномаларини жорий этиш ҳисобланади. Бугунги куннинг ушбу талаби нархларнинг кескин ўзгаришига мойил бўлган товар бозорлари учун алоҳида аҳамиятни касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги 5031-сонли "Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида товар деривативлари бўйича биржа савдоларини жорий қилиш ва амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида UZEX биржаси товар деривативлари бозорини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ҳар томонлама ўрганиш бўйича изчил ишларни олиб бормоқда.

Шу сабаб Москва биржасида деривативлар бозорининг ривожланиш тарихига бағишланган анжуманни ўтказиш маҳаллий мутахассислар учун амалий қизиқиш уйғотмоқда.

Тадбирда “Москва биржаси” ОАЖ нинг ЕИИ капитал бозорларини интеграцияси бўйича директори – Сергей Данов “Дериватив бозорнинг (товар сегментида) шаклланиш босқичлари. Москва биржаси тажрибаси” мавзусида тақдимот ўтказди.

Тақдимот давомида Москва биржасининг товар сегментидаги деривативлар бозорининг шаклланиши ва ривожланиши, шу жумладан, ташкил этиш тарихи, фьючерс савдолари, клиринг ва ўзаро ҳисоб-китоблар механизмлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Россияда фьючерс бозорига оид меъёрий-ҳуқуқий база, дериватив биржа савдолари қоидалари ва муддатли бозорни назорат қилиш, ҳамда фьючерс савдолари иштирокчилари – хежерлар, савдогарлар ва маркетмейкерларнинг асосий функциялари ўрганиб чиқилди.

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари фьючерс бозори инфратузилмаси, таваккалчиликларни бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари, бозор нархини белгилаш механизми, шунингдек, нархлар тебранишларини хежерлаш усуллари билан танишдилар.

Анжуман фаол мунозара шаклида бўлиб ўтди, Ўзбекистонда фьючерс бозорини яратиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, маълумотларнинг фойдали ва самарали эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Манбаа: “ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими