Eski Uzex.uz saytiga
o'tish

Ғаллани биржа орқали сотишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

2022 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ғалла етиштириш ва сотиш бўйича бошланган ислоҳотларнинг энг муҳим босқичи ва кутилаётган ўзгаришларнинг тафсилотлари” мавзусида Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ва “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ нинг матбуот анжумани ташкил этилди ва тадбир марказий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этилди.

Анжуманда таъкидланганидек, жорий йил 11 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтказилган йиғилишларида ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилишининг муҳим вазифалар белгиланди.

Уларга мувофиқ фермер ва кластерларнинг ғалла маҳсулотлари очиқ биржа савдолари орқали сотилиши туманлар даражасида йўлга қўйилади ва бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилади.

Хусусан фермер ва кластерлар туманларда ташкиллаштирилган биржанинг савдо майдончалари орқали рўйхатдан ўтказилади ва уларнинг буғдой маҳсулотлари ҳеч қандай чекловларсиз электрон биржа савдоларига қўйлади ва сотилади.

Шунингдек, 2022 йилда “Ўздонмаҳсулот” АК тизими корхоналарида вақтинча сақланган 500 минг тонна буғдойни фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари биржа савдоларга чиқаришда биржа тўловлари ҳамда гаров пулидан озод қилинади.

Айни пайтда ғаллачилик соҳасида кутилаётган янгиликларнинг мазмун-моҳияти ҳамда биржа савдоларида иштирок этиш тартибини тушунтириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси томонидан фермер ва кластерлар учун махсус уюштирилаётган ўқув семинарлари бошланди. Семинарлар давомида фермер ва кластерларни биржадан рўйхатдан ўтказиш ва брокерларни бириктириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, фермер, кластер ва бошқа савдо иштирокчиларини биржа савдолари ва брокерлик касбига ўқитиш бўйича доимий ўқув курслари йўлга қўйилади. Бунда махсус яратилган савдо симуляторларидан фойдаланилади ва малакали мутахассислар жалб қилинади.

Матбуот анжумани давомида вазирлик ва идоралари ҳамда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг раҳбарлари ва мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Manbaa: "O'zRTXB" AJ PR bo'limi