Биржада илк бор форвард савдолари механизми жорий этилди | Новости

01 Апр 2020
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси тарихида илк бор маҳсулотларни бир ойдан ортиқ муддатда кечиктирган ҳолда етказиб бериш имкониятини берувчи форвард савдолари ўтказила бошлади.
 
2020 йил 1 апрелда ўтказилган электрон биржа савдоларига кўра шакар бўйича 27,5 млрд сўмлик дастлабки форвард шартномаси тузилди. Мазкур шартнома шартларига мувофиқ маҳсулотни етказиб бериш муддати 60 кунни ташкил этади.
 
Биржада форвард савдоларини ташкиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад бу маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар учун товарлар учун олдиндан тўловларни амалга ошириш ва нархлар ўзгарувчанлигидан ҳимоя қилиш орқали қулай шароитларни яратиб беришдан иборатдир.
 
Хусусан, ушбу механизм бир томонидан келажакда етказиладиган товар учун нархларни олдинган белгилаб олиш, иккинчи томондан маҳсулотлар учун тўловларни олдиндан олиш имконини беради. Форвард битимлари товар ишлаб чиқарувчилар учун тўғри прогнозлаш ва ўз фаолиятини янада самарали режалаштириш имкониятини тақдим этади. 
 
Янги механизм UZEX биржасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштиришга давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда соҳага бозор тамойиллари кенг жорий этилишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар” ПҚ-4634-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги “Товар хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 170-сон қарорига мувофиқ жорий этилди.
 
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси кейинчалик ҳам форвард шартномаларини бошқа товар бозорларида жорий этиш ишларини давом эттиради.
 
Форвард шартномаси – муддатли шартнома бўлиб, унга кўра сотилаётган товар учун нарх шартнома тузилган кунда белгиланади, товарни етказиб берилиши эса белгиланган муддатда келажакда амалга оширилади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ PR бўлими

Курилди: 1958