АИ-91 русумли автобензин биржада деярли бошланғич нархда сотилди | Новости

16 Авг 2019
2019 йил 15 август куни «ЎзРТХБ» АЖ биржа савдоларига жами 720,0 тонна АИ-91 русумли автомобиль бензини қуйилди. Жумладан, “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ биржа савдоларига 600,0 тонна, ва “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ 120,0 тонна АИ-91 русумли бензинини сотув учун қўйишди. Сотувчи томонидан белгиланадиган АИ-91 бензин учун бошланғич нарх, унинг бир тонна учун 6216,4 минг сўмни ташкил этди.
 
Кечаги кунда ўтказилган биржа савдоларининг якунларига кўра «ЎзРТХБ» АЖда 746,0 млн сўмлик 120,0 тонна (савдога қўйилган ҳажмдан 16,7%) АИ-91 русумли бензин сотилган. АИ-91 русумли бензиннинг 2019 йил 15 август учун белгиланган биржа котировкаси унинг амалдаги бошланғич нархидан деярли ошмади ва бензиннинг бир тонна учун 6216,7 минг сўмни ташкил этди.
 
Биржа савдолари давомида АИ-91 русумли автобензинини сотиб олиш учун буюртмалар юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ва автомобиль ёқилғи қуйиш шахобчалари томонидан келиб тушди.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июндаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисидаги” 633-сонли қарорига мувофиқ 2019 йил 15 августдан бошлаб АИ-91 русумли автомобиль бензинининг чакана нархи биржа савдолари орқали белгиланади.
 
Биржа савдоси орқали сотилган товар ресурлари учун расмий биржа котировкалари ҳафталик асосда белгиланади ва ҳар Душанба куни соат 17:00 гача «ЎзРТХБ» АЖ нинг www.uzex.uz расмий вебсайтида эълон қилинади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 2084