2019 йил 8-14 апрель кунлари учун савдо натижалари | Новости

15 Апр 2019

2019 йилнинг 8 апрелидан 14 апрелигача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 987,6 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 12,7 %га юқори эканлигини кўрсатди. Кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 13,1% га пасайиб, деярли 422,8 млрд сўмни ташкил этди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 776,1 млрд сўмдан 874,1 млрд сўмга ошди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни қурилиш материаллари эгаллаб, унинг улуши 18% ни ташкил этди. Кейинги ўринларда кимё маҳсулотлари – 16,3%, нефть маҳсулотлари – 16,1% ва пахта толаси – 15,3 % улуш билан жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали деярли 4,2 млн АҚШ долларга тенг товарлар сотилди. Ўтган ҳафтада экспортга суюлтирилган газ катта ҳажмда сотилиб, унинг улуши 34% ни ташкил этди. Кейинги қаторлардан жой олган пахта толаси 29%, газолин пиролизи 22%  ва бошыа товарлар 15% улушга эга бўлди.

 

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми аввалги ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 21,2% га қисқарди ва 27,8 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 6,0 миллиард сўмни ёки тузилган битимларнинг 21,4%ни эгалади.

Тузилган битимларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 22,8 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Наманган филиали 1,5 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Бухоро филиали 1,2 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 7,7 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан эҳтиёт қисмлар (4,5 млрд сўм) ва машинасозлик маҳсулотлари (2,7 млрд сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 869 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3,8 миллиард сўмдан ортиқни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 19% биринчи тоифадаги авторақамларга, 49% иккинчи ва 32% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 25% га тенг. Иккинчи ўринда Андижон вилоятининг авто ҳаваскорлари 18% улуш билан жойлашди. Кейинги ўрин Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 9% ни ташкил қилди. Қолган ҳудудларнинг улуши 48% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 81,8 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 29,9 %га юқори эканлигини кўрсатди. Бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг пул маблағини тежалиши 15,8 млрд сўмни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 24,5 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 57,2 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 26,1 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 55,7 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 198